Хитой Халқ Республикаси ишбилармонлари билан ҳамкорлик

Хитой Халқ Республикаси ишбилармонлари билан ҳамкорлик

16-20 июл кунлари Хитой Халқ Республикасининг Синьцзян-Уйғур автоном районида жойлашган Урумчи шаҳрида Синьцзян ипак йўли кончилик саноати ҳамкорлиги форуми ва Синьцзян кончилик саноати халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этди. Мазкур форумда Ўзбекистон делегацияси вакиллари сифатида мамлакатимиз Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти,  ЎзР ФА Навоий бўлими раиси А. Мирзаев ва ЎзР ФА Навоий бўлими таянч докторанти, ёш олим  Ш.Ф.Шарипов иштирок этишди.

Тадбирда соҳа бўйича етакчи мутахассислар ва тадбиркорлар, тоғ-кон саноатида эришилган ютуқлар ҳақида ўзаро маълумот алмашдилар,  шу билан бирга, янги замонавий асбоб-ускуналар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Хитой Ўзбекистон Республикасининг  иқтисодий шерикларидан бири. Айниқса, сўнги йилларда Хитой Республикаси тадбиркорлари  Ўзбекистонга  кўпроқ эътибор қаратмоқдалар. Аммо, улар чет эл инвестициялари хавфсизлигидан хавотир сабабли форум иштирокчилари А.Мирзаевнинг маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар. А.Мирзаев мамлакатимизнинг инвестицион салоҳияти, хорижий сармоядорларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, ушбу йўналишда қабул қилинган қонунлар ва ҳукумат ҳужжатлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Навоий бўлимининг илмий салоҳияти ва бугунги кундаги илмий ишланмалари, Ўзбекистондаги норуда фойдали қазилмалари ётқизиқлари ҳамда улар бўйича олиб борилаётган геологик қидирув ишлари тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Нуфузли халқаро форумда маърузалар оралиғида ўнлаб икки ва уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Унда етакчи Хитой компанияларининг вакиллари  норуда бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, биргаликда кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорликни таклиф этдилар.

Ўзбекистон томони мазкур таклифларни ўрганиб чиқиб, ҳозирги пайтда тегишли хужжатларни тайёрламоқда.

Бундан ташқари, ушбу форум ташкилотчиларидан бири бўлган “СУАР 305 давлат дастури” лойиҳаси ижрочилари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг ушбу бўлим қошида Хитойдан киритиладиган сармоялар оқимини мувофиқлаштирувчи Ўзбек-Хитой ахборот марказини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ушбу марказ келажакда потенциал инвесторлар учун истиқболли йўналишлар бўйича зарурий маълумотларни тақдим этади ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида воситачилик вазифасини ўтайди.