2022 йил 30 сентябрь куни ФАН, ТАЪЛИМ ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ РИВОЖЛАНИШИДА ЁШ ОЛИМЛАРНИНГ ЎРНИ мавзусидаги Республика илмий ва илмий-назарий анжуман булиб утди

2022 йил 30 сентябрь куни ЎзР ФА В.И.Романовский номидаги Математика институтида “Фан, таълим ва ишлаб чиқаришни ривожланишида ёш олимларнинг ўрни” мавзусида Республика илмий ва илмий-техник анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Ёш олимлар кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Бирлашган касаба уюшма қўмитаси, ЎзР ФА В.И.Романовский номидаги Математика институти, билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференция икки босқичда бўлиб ўтди.

Биринчи босқич очилиш ва пленар (умумий) йиғилишдан иборат бўлди. Иккинчи босқичда илмий маърузалар тингланади ҳамда қуйидаги учта шўъбаларда “Физика-математика ва техника фанларининг долзарб муаммолари”, “Табиий ва қишлоқ хўжалиги фанларининг долзарб муаммолари”, “Ижтимоий-гуманитар фанларнинг долзарб муаммолари” шўъбаларида мунозаралар ўтказилди ва ёш олимларнинг илмий ахборотлари тингланади.

Конференцияни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлашдан иборат. Қолаверса, ушбу меъёрий ҳужжат олдимизга масъулиятли вазифаларни қўймоқдаки, аввало, таълим ва фан интеграцияси фаолиятини ҳаракатлантирувчи куч жамиятимизнинг, бугунги ва келажагимиз, фаровон ҳаётимизнинг таянчи бўлиш шарт эканлигини англамоқдамиз. Зеро, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!» Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Президентимизнинг илм-фан ва таълим вакилларига, ёш олим ва умуман мамлакатимиз интеллигенциясига бўлган оталарча ғамхўрлиги сабабли, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши, мамлакатимиз илм-фанини ривожланишини янги босқичларга кўтаради. Зеро, XXI аср инсониятга дастлабки кунларданоқ иқтисодиётдаги глобаллашув, дунёдаги мураккаб сиёсий жараёнлар, ижтимоий-маданий ўзгаришлар трансформацияси сифатида намоён бўлди. Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг тараққиёти, авваламбор илм-фан ва олий таълимга асосланади. Илм-фан ва таълимга юқори технологиялар асосида янгича сифат билан ёндашмас эканмиз, бу соҳада юксак натижаларга эришиш даргумон. Шу боис, мавжуд имкониятларни йўқотмаслик, ўзбек академик илм-фани ва олий таълимидаги барча яхши жиҳатларни асраб қолиш ва ривожлантириш, кадрлар тайёрлашда сифатни кўтариш энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади. Олимлар ва ўқитувчилар истеъдодли, янги ғоялар ва билимлар – олий илмий мактаб модернизацияси суянадиган фундаменти. Бошқача айтганда, илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг сифати, кенг қамровлилиги, амалиётга жорий этилганлиги ва илмий жамоа томонидан тан олинганлиги жиҳати билан баҳоланади. Шунинг учун “ёшлар илм-фани” кенг маънода – мамлакатнинг илмий кадрлар салоҳияти ривожи билан боғлиқ бўлган барча жараёнларнинг “ибтидоси”дир.

Ўз олдимизга қўяётган энг муҳим вазифа – бу, таълимнинг асосий дастурларидан бироз четлашган ҳолда, ёшларни илм-фанга жалб этиш, уларнинг янги илмий билимларга бўлган эътибори ва қизиқишларини уйғотишдан иборатдир. Бу эса – яхши илмий натижаларни амалиётда қўллаш ва тажрибалар алмашуви, маъруза жараёнида юзага келадиган муҳокамалар ва мунозаралар орқали эришилади. Буларнинг барчаси биргаликда, ҳақиқий иқтидорли ёшлар етишиб чиқувчи, қайноқ муҳитни ташкил этади. Ҳеч ким бирор-бир кишини даҳо бўлишга мажбур эта олмайди. Аммо, иқтидорли ҳаёт кечиришига кўмаклашиш – бизнинг қўлимиздан келади. Ушбу илмий-амалий конференция ана шундай ёш иқтидор эгаларини кашф этишга ёрдам берувчи янги майдон бўлиб хизмат қилади.

Шу боис, анжуман ниҳоясида ишчи гуруҳга келиб тушган материаллар ва маърузалар танлаб олиниб ёш олимлар “Энг яхши мақола” номинацияси бўйича диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.