Узбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Наманган вилоятининг Ахсикент туманига ташрифи
2019 йил 28 февраль куни Узбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Наманган вилоятининг Ахсикент туманига ташриф буюриб, Ахсикент – очиқ осмон остидаги музейнинг ташкил қилиниши хакида кўрсатмалар берди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Наманган вилоятининг Ахсикент туманида жойлашган Ахсикент ёдгорлиги худудида 2018 йилнинг иккинчи ярмидан “Очиқ осмон остида музей” ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, 2019 йил февраль ойининг охирларида жаҳон стандартлари даражасидаги музей ташкил этилди. Бу шаҳристон ичида жойлашган 8 та объект бўлиб, улар турар жой, ишлаб чиқариш, ер ости суви йўллари, водопровод ва 1,5 минг йиллик маданий қатламларни ўз ичига олган мажмуадан иборатдир.
2019 йил 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Наманган вилояти Ахсикент туманига ташриф буюриши ва Ахсикентни – очиқ осмон остидаги музейга айлантириш ҳақида тегишли кўрсатмалар бериши туб аҳолининг кўзларида қувонч учқунларини ўйғотди. Учрашув суҳбат тарзида давом этди. Қувонарлиси, Президент Ш.М.Мирзиёев Ахсикент шаҳрининг узоқ ўтмиш тарихи ва унда олиб борилаётган археологик тадқиқотлар хақида тўла маълумотга эгалиги учрашув қатнашчиларини қувонтирди. Ушбу қадимий шаҳар милоддан аввалги III-II асрларда барпо этилган бўлиб, 5,5 метрли мудофаа деворлар билан ўралган ва майдони 50 гектардан зиёдроқ жойни эгаллаган. Хитой тарихшуносларининг манбаларида Фарғона шаҳри номини хитойчага таржима қилиб “Юан”, водий номини эса “Да Юан” (Катта Фарғона) деб, тилга олинади. Шаҳар топографик нуқтаи назардан 3 қисмдан иборат бўлган: арк, ички ва ташқи шаҳар. Милоддан аввалги 128-127 йилларда иқтидорли хитой дипломати Чжан Цян Фарғона давлатида бўлиб, юртни подшо, 2 та маслаҳатчиси ва оқсоқоллар кенгаши (парламент) ёрдамида бошқаради – деб ёзади. Унинг Хитой императорига йўллаган мактубида Фарғонанинг узуми, ундан тайёрланган ажойиб ичимлиги ва самовий тульпорлари хақида батафсил маълумот берилган.
Шу боис, Хитой императори Фарғона давлати билан ўзаро алоқани йўлга қўйиш ва у ердан самовий тульпорларни олиш учун бир неча маротаба элчилар билан савдо карвонлар жўнатади. Лекин фарғоналиклар самовий тульпорларни хитойликларга бермайди. Натижада, милоддан аввалги 104 йил Хитой ва Фарғона орасида 4 йиллик уруш бошланади. Урушдан чарчаган ҳар икки томон келишиб, сулҳ тузадилар. Бунга биноан фарғоналиклар хитойликларга 300 дан зиёд учқур тульпор отлар беради. Ўзаро тинчлик ўрнатилиб, савдо алоқалари йўлга қўйилади. Фарғона Хитойга самовий тульпорлар, узум ва ундан тайёрланган ичимликлар, пахта ва бошқа маҳсулотлар юбора бошлайди. Хитойдан эса Фарғонага ипак матолар, аёллар атир-упалари ва бошқа товарлар келтирилган. Шу даврдан бошлаб Ғарб билан Шарқни боғловчи Буюк ипак йўли мунтазам фаолият кўрсата бошлайди. Юқорида тилга олинган урушдан кейин фарғоналиклар ўз пойтахти мудофаасига катта эътибор бериб, шаҳар деворлари қалинлигини 20 метрга етказадилар.
Милодий эранинг VIII аср бошларида араб тарихчиси Таборий Фарғона шаҳрини биринчи бўлиб тилга олади.
IX асрнинг биринчи ярмида Ибн Хордадбех берган маълумотларга таяниб, Фарғона шаҳрини Ахсикент ёдгорлиги ўрнида бўлганлиги илмий асосланди.
Фақат, IX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ёзма манбаларда Фарғона шаҳри Ахсикет – деб, атала бошланган.
Нумизматик материалларда эса шаҳар то XI асрнинг ўрталаригача икки ном билан Фарғона – Ахсикет деб, аталган экан. Демак, маҳаллий халқ ўз шаҳрининг эски номини узоқ давр унутмаган.
Археологик тадқиқотларга қараганда, пойтахт шаҳар Ахсикетнинг майдони IX-XII асрларда 400 гектардан ошиб кетади, аҳолиси 200 мингдан зиёд бўлган. Шаҳар ҳар томонлама ривожланиб, гуллаб яшнайди. Бу ерда тошга урса уни кесадиган, эгилса ҳам синмайдиган дунёга "Дамашқ қиличлари" номи билан машҳур бўлган қуроллар ясалиб, Шарқдан Хитой, Ғарбдан Халифалик пойтахти Дамашқ бозорларида сотилган.
X асрнинг ўрталаридан Ахсикет шаҳрида ер ости водопровод тизими фаолият кўрсатган. Водопровод пиширилган ғиштлардан хозирги метро усулида туннель кўринишида қурилган бўлиб, ҳар 80-100 метрда пишиқ ғиштлардан қурилган ер ости ярим гумбазсимон хонада сув тиндиргич ҳовузлар билан таъминланган. Ушбу хонада ўша давр ер сатҳидан махсус хона ва зинапоялар орқали тушилган. Тоза ичимлик суви қурилма ичига ўрнатилган сопол қувурларда оққан. Ўз даврининг буюк мухандислари яратган бу водопровод 250 йилдан зиёд давр фаолият кўрсатган.
Қиёсий таҳлилий тадқиқотларга қараганда, ушбу ёдгорлик ўрнидаги қадимда Фарғона, кейинчалик Ахсикет – деб, аталган шаҳар мўғуллар истилоси даврида вайрон этилган. Сўнг Ахсикет шаҳри янги жойда, бу ердан 6 км ғарбда, хозирги Ахси қишлоғи яқинида Сирдарёнинг ўнг қироғи бўйлаб янгидан қурилган. Ушбу шаҳарда Бобур Мирзонинг отаси Умар шайх Мирзо Фарғона водийсига хукмронлик қилган.
Абдулхамид Анарбаев тарих фанлари доктори